• Ўз
  • Ру
  •          : :                 Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси
    05.10.2017
    Тезкор гуруҳлар Жиззахда қатор валютафурушларни қўлга олди (видео)

    Миллий хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бошқармаси томонидан Бош Прокуратура хузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ва Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ноқонуний валюта айирбошлаш холатларининг олди олинмоқда.

    Жорий йилнинг 13 сентябр куни ўтказилган тезкор тадбир давомида ака-ука Сардор ва Зафар Абиловлар қўлга олинди. Улар шу куни кечки пайт Жиззах шаҳар Обод маҳалласи ҳудудида жойлашган савдо дўкони олдида харидордан 700 АҚШ долларини олиб, унга келишилган пулдан 5 млн 375 минг сўмини бераётган вақтда ушланди.

    Жиззах шаҳри маъмурий судининг шу йил 21 сентябр куни бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида уларнинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170 ва 195-моддаларида назарда тутилган хуқуқбузарликларни содир этишгани маълум қилинди.

    Шу куни сайёр қабулда яна бир суд иши кўрилди. Қонунбузарлар Илёс ва Аббос Ғаниевлар ҳам ўрнатилган тартибга зид равишда чет эл валютаси олди соттиси билан шуғулланётган вақтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган. Улар Жиззах шаҳри Ёшлик маҳалласидаги гўшт дўконида мижоздан 700 АҚШ долларини сотиб олишни келишиб, ундан 400 долларини олаётган вақтда ушланди. Текширув вақтида дўконда назорат кассасидан ўтказилмаган 26 млн 373 минг сўм борлиги аниқланди. Ушбу пуллар ҳолислар иштирокида хужжатлаштирилиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Бу хуқуқбузарларга ҳам қонунга лойиқ жазо тайинланди.

    Тезкор гуруҳ томонидан шу йил 16 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Эски шаҳар бозори атрофида олиб борилган кузатув натижасида фуқаро Насиба ва Тамара Ропиевалар ҳам қўлга олиндилар. Улар ҳам ўзларига тегишли дўконни валюта айирбошлаш шаҳобчасига айлантиришгани маълум бўлди. Ушбу фуқаролар мижоздан 2500АҚШ долларини 20 млн 200 минг сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек уларда қайта муомалага киритиш учун тайёрлаб қўйилган 2550 АҚШ доллари ва 5 млн 125 минг сўм борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ропиеваларга нисбатан Жиноят Кодексининг 177-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб айни пайтда тергов харакатлари олиб борилмоқда.