• Ўз
  • Ру
  •          : :                 Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси
    09.10.2017
    Президент фармони билан ер майдонларидан самарасиз фойдаланган фермерларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари белгиланди
    Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

    Фармонда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

    Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлари ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади.

    Шу билан бирга, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, тизимда бозор механизмларини жорий этишда, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантиришда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарор ошириб боришда ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишда қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан:

    Фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади.

    Аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Узоқ йиллар фойдаланилмаётган томорқа ер эгаларининг ерга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти.

    Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати ҳам лозим даражада ўрнатилмаган.

    Фермер хўжаликларининг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда, соҳада бозор механизмларини шакллантиришда ҳам муаммолар мавжуд.

    2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни янада кенг қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида Фармон билан:

    1) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги
    экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари белгиланди;

    2) Ўзбекистон фермерлари кенгаши конференциясининг қарорига мувофиқ Кенгаш Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгашлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари сифатида қайта тузилганлиги маълумот учун қабул қилинди;

    3) 2018 йил ҳосилидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилиши белгиланди:

    фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади;

    ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади;

    4) Олий Мажлис палаталарига:

    ҳудудларда, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги шароитлари оғир бўлган туманларда, экин экиш аҳволини ҳар ойда депутатлар томонидан ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш;

    экин ерларидан фойдаланиш самарадорлиги халқ депутатлари туман Кенгашларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиниши аҳволини сенаторлар томонидан ўрганиш ва ҳар чоракда Сенатда кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш тавсия этилди.

    5) “Ергеодезкадастр” қўмитасига мутасадди идоралар билан бирга 2018 йил 1 октябргача ер эгаларининг экин майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва ягона реестрни шакллантириш, уни назорат ҳолатида юритиш ҳамда ундаги маълумотлар ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва янгиланиб борилишини таъминлаш топширилди.

    6) 2018 – 2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномаларини қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилиш белгилаб қўйилди;

    7) деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари тақдирланадиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилди;

    8) Вазирлар Маҳкамасига ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

    Фармоннинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинади.