• Ўз
  • Ру
  •          : :                 Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси
    10.10.2017
    Марказий банк ўринбосари дзюдо федерацияси раиси бўлди
    Бугун, 10 октябрь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Уни федерация вице-президенти Дмитрий Адисман олиб борди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

    Конференцияда ташкилий масала ҳам кўрилди ва сўнгги йилларда федерацияга раҳбарлик қилиб келган Адҳам Аҳмедбаев ўрнига Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки раисининг ўринбосари Алишер Валиевич Акмалов Ўзбекистон дзюдо федерациясининг раиси этиб бир овоздан сайланди.

    Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ва Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди ва сўзга чиқишди. Шунингдек, Конференция давомида федерациянинг аввалги раиси Адҳам Аҳмедбаевнинг мамлакатимизда дзюдо спорт турининг ривожланиши ва тараққий этишига қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидлаб ўтилди ва қилган хизматлари учун унга миннатдорчилик изҳор этилди.

    Ўз навбатида, федерациянинг янги раҳбарига зиммасида турган масъулиятли вазифаларни бекаму кўст бажаришда муваффақиятлар тиланди. Олдинда турган муҳим мусобақалар – келаси йили Индонезия мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари, ҳамда “Токио 2020” Олимпия ўйинларида юртимиз спорт жамоатчилиги ўзбек дзюдочиларидан нафақат кумуш ва бронза, балки олтин медаллар кутаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунинг билан Ўзбекистон дзюдо федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси ўз ишини якунлади.